“Human” хусусий меҳнат агентлигидан жабр кўрган бухороликлар масаласи муҳокама қилинди.

13.01.2020 Автор: buxoromehnat

“Human” хусусий меҳнат агентлигидан жабр кўрган бухороликлар масаласи муҳокама қилинди. Республиканинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи аризачилар маълум қилишларича, улар Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги томонидан 2018 йил ноябрь ойида тақдим этилган тегишли лицензияга эга бўлган «Ҳуман» бандлик агентлиги» МЧЖ билан 2018 йилнинг ноябрь ойидан 2019 йилнинг сентябрь ойигача шартномалар тузишган. Шартномаларга кўра, МЧЖ уларни Европа давлатларида, хусусан, Германия, Чехия, Япония, Туркия, Болгария ва Литвада ишга жойлаштириш мажбуриятини ўз зиммасига олган. Бунинг учун ҳар бир аризачи МЧЖнинг ҳисоб рақамига 18 дан 35 миллион сўмгача бўлган миқдордаги маблағни кўчирган. Шу тарзда «Ҳуман» бандлик агентлиги» МЧЖнинг ҳисоб рақамига 52 нафар аризачидан умумий миқдорда 1 670 500 000 сўм келиб тушган. Бироқ Би-би-си билан суҳбатлашган фуқаролар мамлакат бўйлаб «мингга яқин» инсон агентлик билан шартнома тузгани ва уларнинг ҳеч бирига кўрсатилган муддат ичида хориждан иш топиб берилмаганини билдиради. Бу ижтимоий тармоқда эълон қилинган мақоланинг бир қисми бўлиб, ҳолат юзасидан пойтахтда хусусий меҳнат агентлигидан жабр кўрганларнинг 80 нафари айнан бухороликлар экани ташвишланарли ҳол, албатта. Шу муносабат билан Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг вилоят филиали жойлашган Бухоро Политехника касб-ҳунар коллежида “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган бухоролик фуқаролар иштирокида йигилиш бўлиб ўтди. Унда мазкур муаммо вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Фарҳод Умаров иштирокида муҳокама қилинди. Вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи Мирали Ҳамроев, Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Бухоро филиали раҳбари Анвар Ҳамдамовлардан муаммо ечими юзасидан амалий ишлаб чиқилган чоралар, фикр-мулоҳазалари эшитилди. Шунингдек, вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бўлими бошлиғи, полковник Ҳаким Жумаевнинг айнан миграция билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар оқибатларига бағишланган аниқ мисоллари, ҳар бир ишнинг сабаб ва оқибати йиғилганларни бефарқ қолдирмади. Албатта, жиноятга жазо муқаррарлиги ва мазкур ҳолат бўйича айни пайтда жиноят иши қўзғатилгани, иш суд тартибида кўрилаётгани, айбдор томондан даъвогарларга етказилган моддий зарар қонуний тартибда тўлиқ ундириб берилиши таъкидланди. Шунинг баробарида “Human” хусусий бандлик агентлигидан жабр кўрган фуқароларга Бандликка кўмаклашиш жамғармаси маблағлари ҳисобидан тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишлари учун юртимизда ҳам етарли шароит яратилгани, “Микрокредитбанк”, “Агробанк” ва “Халқ банки” акционерлик тижорат банклари орқали 110 миллион сўмгача имтиёзли фоизларда кредит маблағлари ажратилаётгани, қолаверса, тадбиркорликни бошламоқчи бўлган ҳар бир фуқарога 2 миллион 200 минг сўм миқдорида субсидия берилиши алоҳида тушунтирилди. Шунингдек, агентликнинг Бухоро филиали раҳбари Анвар Ҳамдамов томонидан хорижда ишлаш истагини билдирган фуқаролар учун давлат ва нодавлат агентликларида таклиф этилаётган кафолатланган иш ўринлари рўйхати билан ҳам яқиндан танишиш ва танлаш имконияти яратиб берилди. Бундан ташқари, шу кеча-кундузда Россия Федерациясининг Красноярск шаҳрида қурилиш соҳасида ва Калининград шаҳрида товуқ ҳамда балиқ гўшти маҳсулотларини қайта ишлаш корхоналари билан ўзаро келишувга эришилгани ҳақида батафсил тўхталиб ўтилди. Йиғилиш якунида фуқароларга ўзларини қизиқтирган қатор саволлари бўйича тушунчалар берилди.