Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси ташкил этилди

31.07.2019 Автор: buxoromehnat

Ўзбекистон Республикаси Президенти “Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжат матни ЎзА томонидан эълон қилинди.

Қайд этилишича, ҳозирги вақтда одам савдосига ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга қарши самарали курашишга тўсқинлик қилаётган бир қатор салбий омиллар сақланиб қолаётганлигини таҳлиллар кўрсатиб турибди. Жумладан:

биринчидан, ваколатли органларнинг ташаббускорлиги етарли бўлмаяпти, ваколатли органларнинг ягона раҳбарлик остида етарли даражадаги идоралараро ҳамкорлиги мавжуд эмас;

иккинчидан, мазкур йўналишда олиб борилаётган ишлар тўғрисида холис ва ишонарли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар уйғунлаштирилмаган;

учинчидан, қонунчилик базаси халқаро стандартларга номувофиқ, бу эса одам савдосига ва мажбурий меҳнатга алоқадор шахсларни самарали таъқиб қилиш ва жазолашга тўсқинлик қилмоқда.

Ҳужжат билан Одам савдосига қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси этиб қайта ташкил қилинди ва унинг таркиби тасдиқланди.

Белгиланишича, Миллий комиссия:

а) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири раҳбарлик қиладиган Одам савдосига қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан;

б) Миллий комиссия раисининг ўринбосари ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири раҳбарлик қиладиган Мажбурий меҳнатга қарши курашиш масалалари бўйича кичик комиссиядан иборат бўлади.

Қуйидагилар Миллий комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

давлат органлари ва ҳудудий органларнинг, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларининг фаолияти самарадорлигини, яқин ҳамкорлиги ва баҳамжиҳат ишлашларини таъминлаш мақсадида уларнинг одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш;

миллий қонунчиликни ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш мақсадида одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини ўрганиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида самарали халқаро ҳамкорлик ва баҳамжиҳат ҳаракатни ташкил этиш, шунингдек, мазкур соҳада ахборотларни йиғиш, таҳлил қилиш ва маърузалар тайёрлаш.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси, вилоятлар, Тошкент шаҳар, туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари зиммасига одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича ҳудудий комиссияларга раҳбарлик қилиш вазифаси юкланди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасидаги миллий қонунчилик, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва Миллий комиссиянинг тақдимномалари сўзсиз, ўз вақтида ва сифатли бажарилишини таъминлаш ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифаси этиб белгиланди.

Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича миллий маърузачи институти таъсис этилди, унинг функциялари Миллий комиссия раиси зиммасига юкланди.

Қуйидагилар Миллий маърузачининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида мамлакатимиз ва жаҳонда юзага келаётган вазият тўғрисида, ушбу жиноят турига алоқадор шахсларни тергов қилиш ва жазолаш ҳамда одам савдоси қурбонларини қўллаб-қувватлаш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида Ўзбекистон Республикаси Президентига ҳар йили ахборот тақдим этиш;

мазкур соҳада республикамизда кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги ишончли ахборотни кенг жамоатчиликка ва халқаро ҳамжамиятга етказиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида аккредитация қилинган хорижий давлатларнинг дипломатик корпуси ва халқаро ташкилотларнинг ваколатхоналарини жалб этган ҳолда оммавий ахборот воситалари учун мунтазам равишда брифинглар ташкил этиш;

одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида халқаро ҳамжамият билан ушбу йўналишга ихтисослашган ташкилотлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари ўртасида самарали ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни, давлатимизга нисбатан хуружларга қарши тезкор чора кўришни, шунингдек, мазкур соҳада республиканинг халқаро майдондаги миллий манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш.